7 ой давомида дори воситаларини дорихоналардан ташқарида сотиш, шунингдек, қалбаки ва сифатсиз дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан боғлиқ 82 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Яна 52 та қонунбузарлик инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи дори воситалари тайёрлаш ва сотиш билан боғлиқ.
Икки нафар абитуриентни Қарши давлат университетига 10 минг доллар эвазига киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушбу пулларни олганида қўлга тушди. Сурхондарёда эса Педагогика коллежи директори ўринбосари 5 млн сўм эвазига ўқишга қабул қилишини айтиб, 100 доллар олганида ушланди.
Андижон ва Тошкент вилоятида фуқароларни қўшни давлатлардаги ОТМларга, Жиззах вилоятида эса фуқарони маҳаллий техникумга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахслар ушланди.
Чортоқ туманида банк масъул ходимлари тадбиркор билан ўзаро тил бириктириб, қуёнчилик ва чорвачилик учун ажратилган 1,3 млрд сўм имтиёзли кредит маблағини талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Мингбулоқ туманида эса тадбиркор банкнинг собиқ мансабдор шахслари билан биргаликда фуқароларга тикувчилик учун ажратилган 143,2 млн сўм имтиёзли кредит маблағини талон-торож қилган.
Самарқанд туманида фермер икки фуқарога туман ҳокимининг 2020 йилдаги сохта қарори билан 19,7 минг долларга ер майдонини сотгани аниқланди. Терговга қадар текширув давомида гумонланувчи 500 доллар ва 4,5 млн сўмни ихтиёрий равишда қайтарган.
Фарғона ва Наманган вилоятларида фуқароларни Қирғизистондаги ОТМларга ўқишга киритиб, сўнг ўқишини Ўзбекистонга кўчириб беришни ваъда қилганликда гумонланган шахслар ушланди. Ушланганлар фуқаролардан жами 5680 доллар ва 26 млн сўм олган.
Тошкент давлат теника университетига ўқишга киритиб қўйишга, ўқишни Қибрайдаги Халқаро молия ва технологиялар хусусий институтига кўчиришга ваъда қилган шахслар қўлга тушди. Уларга нисбатан фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят иши очилди.
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек ва Бектемир туманларидаги дорихоналарда тегишли ҳужжатлари бўлмаган кучли таъсир қилувчи «Регапен» ва «Зардекс» дориларининг ноқонуний савдоси тўхтатилди.
Юнусобод туманида Тошкент вилояти, Ўрмон хўжалиги тасарруфидаги 1 гектар ер майдонини 200 минг АҚШ доллари эвазига олиб бермоқчи бўлганлар ушланди. Фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Пойтахтнинг Чилонзор ва Яккасарой туманларидаги дорихоналарда тегишли ҳужжатлари бўлмаган кучли таъсир қилувчи «Регапен», «Тропикамид», «Зардекс» дориларининг ноқонуний савдоси тўхтатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг